Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати хабарига кўра, 11 июнь куни Халқаро конгресс марказида Президент ҳузуридаги Ташқи инвесторлар кенгашининг учинчи пленар йиғилиши бўлиб ўтди. Манба
Ўзбекистон Президенти раислигида бўлиб ўтган тадбирда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Одил Рено-Бассо, шунингдек, Masdar, Indorama, ACWA Power, Vision Invest, DataVolt, Veon, Boeing, Air Products, SpaceX, Meta, John Deere, Franklin Templeton, Suez, EDF, Total Energies, Voltalia, Orano, Linde, Claas, Sojitz, Bomi, OTP Bank, Goldwind, Çalik, Çengiz, Aksa, JBIС каби етакчи компания ва банкларининг раҳбарлари, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ), Халқаро молия корпорацияси (ХМК), Осиё тараққиёт банки (ОТБ), Ислом тараққиёт банки (ИТБ) ва Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси (ХИСМК) каби халқаро ташкилотлар ва молия институтлари вакиллари иштирок этди.
Кенгашнинг асосий вазифалари Ўзбекистон ҳукумати ва хорижий инвесторлар ўртасида мамлакатнинг инвестициявий, саноат-технологик ва инновацион ривожланишининг муҳим жиҳатлари бўйича маслаҳат бериш ва очиқ мулоқотни таъминлаш, энг яхши амалиётлар ва жаҳон тажрибасидан фойдаланишдан иборат.
Йиғилишни очиб, Ўзбекистон Президенти Тошкент инвестиция форумининг муваффақиятли якунларини таъкидлаб, Янги Ўзбекистонни ривожлантиришга қўшган ҳиссалари учун кенгаш аъзоларига миннатдорлик билдирди. Аввалги йиғилишларнинг самарадорлиги, хусусан, халқаро молия институтлари билан ишлашнинг янги шаклига ўтиш, самарали ҳамкорлик тизимини яратиш ва ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш қайд этилди.
Масалан, ЕТТБ ўтган йили Ўзбекистонда рекорд даражада — 1 миллиард доллар инвестиция киритди ва Ўзбекистон банкнинг минтақадаги энг йирик шеригига айланди. Халқаро молия ташкилотлари ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик ҳам сезиларли даражада кучайди, қўшма лойиҳаларнинг йиллик ҳажми 1 миллиард доллардан ошди.
Кенгаш аъзоси бўлган компаниялар яшил энергия, чиқиндиларни қайта ишлаш, энергияни сақлаш, яшил водород ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда янги лойиҳаларни амалга оширмоқда. ACWA Power, Masdar, Linde, Shanghai Renewable Energy ва Total Energies компаниялари 8 миллиард доллардан ортиқ инвестициялар билан яшил иқтисодиётни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Етакчи жаҳон компаниялари Ўзбекистоннинг рақамли технологиялар соҳасига ҳам фаол кириб келмоқда. DataVolt минтақадаги энг йирик яшил маълумотлар марказини яратиш бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда, Veon эса сунъий интеллект асосида мобил супер-иловани яратмоқда.
«Буни хорижий инвесторларнинг бизнинг ислоҳотларимиз ва очиқ эшик сиёсатига бўлган юксак ишончининг яққол намоёни деб биламан», — деб таъкидлади Президент.
Кенгаш аъзолари бўлган ХМК, Ernst & Young, Dentons, Knauf ва TBC компаниялари миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш бўйича таклифларни билдирди. Уларнинг ташаббуслари 10 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорларга киритилган. Президент тадбиркорлик субъектлари учун базавий солиқ ставкалари 2028 йилгача ўзгармаслигини маълум қилди.
Инвестиция муҳитини яхшиланиш натижасида сўнгги икки йилда Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокида 5500 та янги корхона ташкил этилди ва уларнинг умумий сони 16000 тага етди. Ушбу йиғилишга тайёргарлик кўриш жараёнида хорижий шериклардан 40 дан ортиқ ташаббус кўриб чиқилди, жумладан, солиқ қонунчилигининг барқарорлигини таъминлаш, ўзини ўзи бажарувчи қонунлар сонини кўпайтириш ва инфратузилма лойиҳаларида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш бўйича таклифлар.
Жорий йилда йўл қурилиши, транспорт, энергетика, сув таъминоти, суғориш ва бошқа соҳаларда деярли 4,5 миллиард долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бошланди. Халқаро молиявий ҳисобот стандартларига, шунингдек, экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) стандартларига ўтиш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда.
Олинган таклифлар асосида гаровга олувчилик тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш, хорижий компаниялар учун мутахассисларни тайёрлаш, маҳаллий компанияларда корпоратив бошқарувни яхшлаш ва солиқ маъмуриятини такомиллаштириш бўйича қўшимча ишчи гуруҳлар ташкил этилади. Кенгаш котибиятининг мустақиллигини ошириш ва уни алоҳида юридик шахс сифатида ташкил этиш таклиф этилди.
Кенгаш аъзолари Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар дастурининг натижаларини юксак баҳоладилар ва инвестиция фаолиятини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирдилар. Ҳар бир лойиҳа учун алоҳида йўл харитаси билан барча ташаббусларни пухта ўрганиш ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бўйича ҳукуматга топшириқ берилди.